Хорватия қўшимча бўлимларда гол уриб Англиядан финал йўлланмасини тортиб олди

ЖЧ-2018 мусобақаси ярим финалидан ўрин олган Хорватия ва Англия терма жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етди. “Лужники” стадионида бўлиб ўтган баҳсда хорватларнинг қўли баланд келди.

Учрашув тенг курашлар остида бошланди. Англия футболчилари ўйин дубютида стандарт вазиятдан гол уришди. Киран Триппьер жарима зарбасини қойилмақом ижро этиб ҳисобни очди. Биринчи бўлим инглизларнинг назорати остида кечди, бироқ Хорватия ҳам бир қатор қулай имкониятларга эга бўлди.

Иккинчи бўлимни хорватлар фаол бошлашди ва бу бўлим ўрталарига келиб ўз самарасини берди. 68-дақиқада Шиме Врсальконинг ўнг қанотдан узатиб берган тўпини Иван Перишич яқин масофадан дарвозага аниқ йўналтирди ва мувозанатни тиклади. Голдан руҳланган хорватияликлар устунликни ўз томонларига оғдириб олдилар, бироқ асосий вақтда яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилиш уларга насиб этмади.

Шундай қилиб, ўйинни асосий вақти дуранг билан тугади ва қўшимча бўлимларга мурожат қилинди.

Қўшимча бўлимларнинг иккинчисида Перишичнинг узатмасидан сўнг Марио Манжукич ҳимоячиларни ортда қолдирди ва яқин масофадан дарвозани ишғол қилди.

Шу тариқа, Хорватия ўз тарихида илк бор финалга йўл олди ва чемпионлик учун Франция билан ўйнайди. Англия эса бронза медали учун Бельгия билан куч синашади.

ЖЧ-2018
Ярим финал

Хорватия – Англия 2:1 (0:1, 1:0, 0:0, 1:0)

Голлар: 0:1 – 5 Триппьер, 1:1 – 68 Перишич, 2:1 – 109 Манжукич.

Хорватия – Субашич, Ловрен, Стринич (Пиварич, 95), Врсалько, Вида, Ракитич, Брозович, Перишич, Модрич (Бадель, 119), Ребич (Крамарич, 101), Манжукич (Чорлука, 115).

Англия – Пикфорд, Уокер (Варди, 112), Стоунз, Янг (Роуз, 90), Магуайр, Алли, Лингард, Стерлинг (Рэшфорд, 74), Хендерсон (Дайер, 97), Триппьер, Кейн.

Огоҳлантиришлар: Манжукич (48), Уокер (54), Ребич (96).

Манба: www.uff.uz