Луис Гарсия Тошкентда маҳорат дарслари ўтказади

Хабарингиз бор, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси ҳамда Испания Ла лигаси яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйди.  Имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида бир қанча лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг 28 октябрь куни яқин ўтмишнинг машхур ҳужумкор ярим ҳимоячиларидан бири, “Барселона”, “Атлетико Мадрид”, “Ливерпуль” ва Испания терма жамоаси сафида кўрсатган мазмунли ўйинлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлган футболчи, эндиликдаги Ла лига элчиси – Луис Гарсия Тошкентга келади ва ўзбекистонлик ёш “чарм тўп” усталарига маҳорат дарслари ўтиб беради. 

Ла лига ҳамда ПФЛ ҳамкорлиги доирасида ташкил этилаётган мазкур маҳорат дарслари “Миллий” стадионида бўлиб ўтади. Яқин ўтмишнинг машхур ярим ҳимоячиларидан бири Луис Гарсия ёш футболчиларимизга ўз тажрибаси билан ўртоқлашади ва кўргазмали учрашувда майдонга тушиб, 2 та жамоа сафида бир таймдан тўп суради.

Луис Гарсия ташрифи доирасида матбуот анжумани ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Манба: www.pfl.uz