Музлаткич, тобут, мопед ёхуд клуб рамзлари туриширилган энг ноодатий маҳсулотлар (Фотогалерея)

Теглар:
 

Гоҳида ўйинчилик футболкаси, кепка ёки шарф севимли клубга нисбатан муҳаббатни билдириш учун камлик қилади. Бошқача айтсак, кимдир шунчаки, жамоа футболкасини кийиб юриш ёки бўйнига махсус шарфни ўраб олиш билан асло қониқмайди.

У ҳар жойда, ҳар қадамда севимли клуби гербини кўриб туришни истайди - хоҳ даладаги иш жараёнида, хоҳ дам олиш вақтида. Қуйидаги фотожамланмага қараб, бунга яна бир бора ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

  «МЮ» ва қишлоқ хўжалиги ўртасида қандай боғлиқлик бор? Ҳеч қандай, тўғрими? Йўқ, шошилманг, Англия клуби 2016 йили Япониянинг Yanmar компанияси билан келишувга эришди ва шу тариқа «қизил иблислар» рамзи қизил тусли тракторда пайдо бўлди.

  Game Boy ўтган асрнинг 90-йилларида энг оммалашган ўйин иловаларидан бири эди. Шунинг учунми, «Фиорентина» 1997 йилга келиб, 3000 дона Game Boy иловасини ўз рамзи билан бойитди.

  Яна Флоренция жамоаси. FILA компанияси логотипи туширилган «Фиорентина» формаси. Ҳа, футбол ва кураш ўртасида ҳам узвий алоқа бор, шекилли.

  «МЮ»ми ёки Game Boy? Кўринишидан, сохталик кучлироқ эффект берган кўринади. Ҳар ҳолда, бу омухта буюмнинг савдоси анча чаққон бўлган.

  Табиат бўйлаб елдек сайр қилишни хуш кўрасизми? Унда «Лидс Юнайтед» билан ҳамкорликда савдога қўйилган мопедни 1200 фунт стерлингга сотиб олинг. Буни кимсан Алан Смитнинг шахсан ўзи маъқуллайди...

  Йўқ, Европа футбол бизнеси ривожланган ягона қитъа эмас. Мисол учун, Мексиканинг «Атлас» клуби ҳам енгил транспорт воситалари савдосига аралашган. Демакки, бундан наф бор, албатта.

  Педаль айлантиришга иштиёқи баланд кишилар учун яна бир танлов - бу «Ювентус» «қиёфа»сини эслатувчи велосипед. Туринда Алессандро Дель Пьеро шарафига 10-рақам остида чиқарилган бундай велосипедларни жуда кўп кўриш мумкин.

  Италиядан Францияга кўчамиз - «ПСЖ» рамзлари билан безатилган скейтборд. Уругвайлик толмас голеадор Эдинсон Кавани реклама қиляптими, демак, бу матоҳнинг сотуви чакки бўлмаса керак...

  Нима, Кавани тавсия этган скейтбордда учиб йиқилдингизми? Унда Жибриль Сиссе «ёрдам»га шай. Тўғрироғи, яна ўша «ПСЖ» рамзи остида бўғимлар учун чиқарилган мазь харид қилишингиз мумкин. Скейтборд ва дори воситасини бирга сотиб олсангиз, янада яхши, клуб учун, албатта.

  Навбатда Испания сафари. Пиреней бўйлаб саёҳатга чиққанлар кўрган-кечирганларини муҳрлаб қолишни истасалар, «Херес» клуби белгиси бор фотоаппарат харид қилишлари мумкин. У жамоанинг разми ва ранги билан бойитилган, албатта.

  Помидор пастасини севиб истеъмол қилувчилар диққатига: бу борада кенг танловга эҳтиёж сезсангиз, Жанубий Америкага йўл олинг. Нима деб ўйлайсиз, қайси клуб «тамға»си остидаги маҳсулот сифатлироқ: «Сан-Паулу»никими, «Атлетико Минейро» ёки «Крузейро»ники?

  Помидор шарбатидан чипс ёки бошқа егуликлар учун ажойиб қайла тайёрлаш имконияти бор. Хуллас, Боливиянинг «Боливар» клуби ўз мухлисларига турли-туман чипсларни тавсия этади.

  «Партизан» (Сербия) раҳбарияти ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига бефарқ эмас. Улар орасида айнан чипсларга талаб катта бўлса, ажабмас.

  Чехиянинг «Спарта»си эса дисерт учун ярайдиган ширинликларга мужассам. Жамоа мухлислари айниқса, бир қарашда «Спарта»ни эслатиб юборадиган кўринишда қадоқланган қандларни севиб истеъмол қилишади.

  Праганинг «Дукла» клуби эса ширинликлар орасида вафлига алоҳида эътибор қаратган. Тўғри, ушбу маҳсулот қутиси оддийроқдек, лекин мазасига эътироз йўқ. Ҳар ҳолда, прагаликлар «Дукла» вафлисини жуда кўп сотиб олишади, хусусан, ўйин кунлари.

  Клублар белгиси остидаги фақат спиртли эмас, алкоголсиз ичимликлар савдоси ҳам чаққон. Дейлик, Мексиканинг «Чивас» жамоаси мухлислари чанқоқни оддий кола билан босишлари мумкин. Йўқ, унча оддий эмас, ичимлик банкасига худди клуб либоси «кийдириб» қўйилгандек...

ДАВОМИ